12+
Ҳумо қўнган шаҳар

Бесплатный фрагмент - Ҳумо қўнган шаҳар

Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 800 ва Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийнинг 190 йиллиги юбилейларига бағишланади

Объем: 100 бумажных стр.

Формат: epub, fb2, pdfRead, mobi

Подробнее
Байджанов Ибадулла Самандарович


Ҳумо

Улуғлар руҳи мададкор

Сўз боши


Хоразм! Бу биргина калимани тилга олишимиз биланоқ кўз ўнгимизда жаннатмакон ўлка намоён бўлади, қалбларимиз фахр-ифтихор туйғуларига тўлиб тошади. Ўз бағрида Аль-Хоразмий, Беруний, Паҳлавон Маҳмуд, Шайх Нажмиддин Кубро, Аз-Замахшарий, Огаҳий, Жалолиддин Мангуберди каби улуғ зотларни камолга етказган ва улар орқали ўзбекнинг шон-шуҳрати, ақл заковати, ирода ва жасоратини жаҳонга танитган бу табаррук тупроқнинг ҳар қаричи кўзга тўтиё, муқаддас. Президентимиз И. А. Каримов Хиванинг 2500 йиллиги юбилейи тантаналарида сўзлаган табрик нутқида «Хоразм муқаддас замин, ўзбек давлатчилигининг тамал тошлари бундан 2700 йил муқаддам айни Хоразм воҳасида қўйилган. Хоразм тарихи ўзбек давлатчилигининг асоси, унинг қудрати ва қадимийлигининг тасдиғидир» деган эди. Юртбошимизнинг ишонч билан айтган бу сўзлари ҳар бир хоразмлик қалбини тўлқинлантириб, ота-боболаримизга муносиб бўлиб яшашга ундайди.

Агар кўҳна Хоразм харитасининг ўтмиши ва бугуни билан танишадиган бўлсак, унинг маркази Урганчда ҳам улуғвор ишлар амалга оширилганлигининг гувоҳи бўламиз. Бир-биридан муҳташам бинолар, йўллар, хиёбонлар, боғлар барпо этилди. Аэропорт, вокзал, кинотеатр, меҳмонхона, мустақиллик шарофати билан қурилган қўшма корхоналар — Урганч кўрки, Хиванинг 2500 йиллиги, Урганчнинг 350 йиллиги муносабати билан воҳа маркази янада гўзаллашди, обод, кўркам, хушманзара масканга айланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра 1999 йилда бирданига икки улуғ сана — Ватан озодлиги йўлида жонини фидо қилган довюрак курашчи, миллий қаҳрамон, жаҳон халқлари тарихида ўчмас из қолдирган Жалолиддин Мангубердининг 800 йиллиги ҳамда халқимизнинг миллий маданияти, маънавияти ва маърифати тараққиётига улкан ҳисса қўшган атоқли шоир, тарихнавис, таржимон, давлат арбоби Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий таваллудининг 190 йиллиги тантаналари ҳам айнан Хоразм маркази Урганч шаҳрида кенг нишонланади. Ана шу юзадан чиқарилган қарорлар бўйича бу улуғ анжуманларга қарата тайёргарлик ишлари аллақачон бошланиб кетди. Белгиланган тадбирларга кўра кенг кўламда бунёдкорлик, ободонлаштириш, ташвиқот ишлари олиб борилади. Хоразм, бу муқаддас масканда камолга етган улуғ инсонлар, Урганч ва урганчликлар ҳақида қатор рисолалар чоп этилади. Шулар қатори ушбу китоб ҳам икки улуғ айёмга арзугулик тўёна ҳисобланади. Бу китобда воҳа юраги ҳисобланган Урганч мисолида муқаддас заминимиз Хоразмда туғилиб, камолга етган буюк инсонлар, ота-боболаримизга бўлган муносабат чин дилдан изҳор этилади, Урганчнинг ўтмиши бугуни ҳақида фахр билан ҳикоя қилинади.

Китобнинг иккинчи қисмида эса шаҳар муҳитида уйсозлик, қурилиш жараёнлари, атроф худудни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, иморат ва иншоотларни таъмирлаш, безаш, турли лойиҳалар тайёрлаш ва танлаш, шаҳарларнинг меъморий санъатга оид маданияти каби муҳим масалалар юзасидан қимматли фикр — мулоҳазалар билдирилади, аниқ ва фойдали, қулай таклифлар ўртага ташланади. Бу жиҳатдан ушбу китоб ҳокимликлар, меъморлар, лойиҳачилар шаҳар таъмирланиши ва янги қурилишлар билан боғлиқ ташкилотлар, қурилиш соҳаси мутахассислари тайёрлайдиган ўқув юртлари талабалари учун муҳим услубий қўлланма бўла олади.

Китоб муаллифи ҳақида икки оғиз сўз: Ибадулла Байджанов — асли Урганч шаҳрида туғилган. Хоразмнинг иқтидорли меъмори. Ўз соҳасини чуқур ва яхши билади.

Хоразм тарихида биринчи бўлиб меъморчилик фанлари номзоди унвонига сазовор бўлди. Республикада ўз меҳнати, ижодий изланишлари билан кўзга кўринган талантли мутахассис, истеъдодли олим. Ташкилотчи ва ташаббускор раҳбар. Мен узоқ йиллар қатор қурилиш ташкилотларида раҳбар бўлиб ишлаганлигим сабабли Ибадулла Байджановни қурувчилик, бунёдкорлик ишларига қўшган ҳиссасини яхши биламан. Айниқса 15 йилдан зиёд Урганч шаҳар бош архитектори вазифасида ишлаб, воҳамиз марказини чиройли ва кўркам манзара кашф этишида жонбозлик кўрсатди. Аэропорт, вокзал, марказий универмаг, қатор маданий — маиший бинолар, микрорайонлар бунёд қилинишида И.С.Байджановнинг хизматлари катта. 1988 йилдан буён Урганч қурилиш колледжи директори вазифасида сидқидилдан фаолият кўрсатиб келмоқда. Унинг бевосита ташкилотчилиги ва ташаббуси билан техникум колледжга айланди. «Архитектура», «Халқ хўжалигини ривожлантириш ва иқтисод», «Қурилишни кўкаламзорлаштириш», «Қурилишда тижоратчилик», «Хўжалик ҳуқуқшуноси», «Молия», «Менежмент» каби мутахассисликлар бўйича янги бўлимлар очилди. Янги ўқув биноси қад ростлади. Боғ, хиёбон, гулзорлар яратилди.

Ибадулла Байджанов «Урганч шаҳар архитектураси», «Диплом лойиҳалаш услуби», «Меъморлар маскани» каби қатор рисола, монографиялар, республика вақтли матбуотда босилган 120 дан ошиқ илмий оммабоп мақолалар муаллифи ҳамдир. Унинг ушбу янги китоби икки улуғ анжуманга муносиб тўёна бўлиши билан бирга энг муҳими ўз она юртига, ота-боболаримизга, мустақил диёримизга бўлган меҳр-муҳаббат ифодаси ҳамдир.

Мен урганчликларни, Хоразм аҳлини икки улуғ анжуман –Жалолиддин Мангубердининг 800 ҳамда Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийнинг 190 йиллиги шодиёналари билан чин дилдан қутлайман. Ушбу китоб муаллифи, ташаббускор ва ижодкор раҳбар, Ўзбекистон Олий Мажлисининг депутати И.С.Байджановнинг хайрли ишларида зафарлар тилайман.

Эргаш Юсупов

Урганч шаҳри ҳокими

Соҳилдаги шаҳар

Урганч. Хоразмдек кўхна, жаҳонга маълум ва машҳур, муқаддас масканга шу шаҳардан кириб борилади. Гўё у бу табаррук заминнинг бош дарвозаси. Воҳанинг қайнаб-жўшиб уриб турган юраги. Вилоят маркази. Кундан-кунга чирой очиб жамоли ва камоли кўзларни қувонтириб, қалбларга фахр-ғурур бағишлаётган Урганч мустақил Ўзбекистонимизнинг кенжа навқирон шаҳарларидан бири ҳисобланади. Амударёнинг қуйи оқими чап соҳилида жойлашган. Шаҳар ўртасидан ўтган Шовот канали Урганчни шимолий ва жанубий қисмларга ажратиб турибди. Шаҳарнинг шимолий қисмида асосан турар жой бинолари, илмий маданий –маърифий муассасалар, ташкилотлар, маиший хизмат кўрсатиш корхоналари, жанубий қисмида эса ишлаб чиқариш корхоналари қад ростлаган. Ҳар иккала соҳилни баланд, катта, замонавий кўприклар ҳудди мустахкам занжир ҳалқасидек бир-бири билан боғлаб турибди. Воҳа марказига аэропорт, темир йўл вокзали, автобуслар шоҳбекати орқали Ўзбекистонимизнинг турли вилоятларидан, хорижий мамлакатлардан меҳмонлар келиб Хоразм воҳаси билан, унинг гуллаб яшнаётган шаҳри Урганч билан яқиндан танишмоқдалар.

Урганч кўчаларини кезар экансиз, яқин-яқинларда бу кўчаларнинг қишда лой, ёзда чанг босиб ётганига сира-сира ишонгингиз келмайди. Равон йўллар, кенг кўчалар, кўркам турар жойлар, серфайз боғлар-у гулзорлар, фавворалар шаҳар ҳуснига ҳусн қўшиб турибди. Айниқса тунги Урганч жамоли кўзларни яшнатади, турфа рангдаги сон-саноқсиз чироқлар, шиорлар, рекламалар, тасвирлар… Булар Урганч оқшомини янада файзли, шукуҳли қилиб юборган. Ҳумо қуши қанот қоқиб турган мустақиллик майдони ўзгача ғурур, ифтихор бағишлайди.

Урганч илм-фани санъат ва маданияти, саноати юксалиб бораётган навқирон шаҳарлардан бири. Бугунги кунда бу шаҳри азимда бешта қурилиш трести, олтита дирекция, 24 дан ошиқ қўшма механизациялашган колонна, бешта очиқ турдаги ҳиссадорлик жамияти, 16 дан ошиқ бошқарма ва бўлимлар, 7 та ўқув ишлаб чиқариш комбинати, учта қурилиш таъмирлаш бошқармалари, 9 та қурилиш участка, 7 та корхона, 4 та завод фаолият кўрсатиб, иқтисодий ижтимоий ривожланишга ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Кейинги йилларда Республикамиз Президенти ва ҳукуматимиз мустақилликни қўлга киритган диёримиз учун малакали мутахассис кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда. Олий ва ўрта махсус таълимнинг моддий техника базасини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия самарадорлигини ошириш ва такомиллаштириш тадбирлари кўрилмоқда.

Урганч шаҳрида 50 га яқин боғча ясли, 28 та мактаб ва 4 та ҳунар техника билим юртлари мавжуд.

Педагогика ва тиббиёт билим юртлари, гидромелиорация ва автомобиль йўллари техникумлари, қурилиш ва банк коллежлари, мусиқа билим юртида кўплаб йигит-қизлар таҳсил олмоқдалар.

Республика Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси минтақавий олий ўқув юртларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарорига асосан Урганчда Тошкент халқ хўжалиги ва тиббиёт институтларининг филиаллари иш бошлади. Бу эса воҳа марказида малакали мутахассислар тайёрлаш борасида янги имконият уфқларини белгилаб берди. Ҳозирги кунда ана шу филиаллар базасида даволаш иши, педиатрия иши университетда эса иқтисодиёт факультетлари ташкил қилинди. Кучли билимга, иқтидорга эга мутахассисларнинг бир жойга тўпланиши натижасида информатика ва электрон ҳисоблаш техникаси, инглиз тили, кимё бўйича малакали кадрлар тайёрлашни янада яхшилаш имкониятлари яратилди. Урганч илм-фан тараққий топаётган зиёбахш масканга айланди. 1986 йилда ишга туширилган «Китоблар уйи», 1987 йилда фойдаланишга топширилган Қурбон ота Исмоилов номли вилоят кутубхонаси, 1991 йилда бунёд этилган янги замонавий босмахона биноси ҳам Урганчдаги маърифат сарчашмалари ҳисобланади.

Мутахассислигим меъмор бўлганлиги боис Урганчда амалга оширилаётган бунёдкорлик жабҳаларини эътибор билан кузатаман. Ён дафтарларимда шаҳарда қурилган биноларнинг, турли корхоналарнинг яратилиш тарихига оид қайдлар кўп. Республика вақтли матбуотда Урганчдаги бунёдкорлик жабҳалари ҳақида ҳикоя қилувчи «Кўркам бинолар қурайлик», «Урганч бугун ва эртага», «Шаҳар чирой очмоқда», «Тез ва соз қурайлик», «Шаҳар муҳити муаммолари» номли ва яна ўзбек ва рус тилларида ўнлаб мақолаларим эълон қилинган Ушбу рисолани ёзишдан олдин ана шу мақолалар тукумини бир қатор кўздан кечирдим. Аён бўлдики, уларда айтилган фикрлар, мулоҳазалар, режалар, муаммолар ҳал этилиб, орзу умид қилганимиздек Урганч кўркам, замонавий, чиройли шаҳарга айланмоқда.

Гуллаб-яшнаб бораётган она шаҳримда амалга оширилган ишлар, фидойи инсонлар, хуллас Урганчнинг бугуни ва эртаси ҳақида ҳикоя қилишни ният қилдим

Меъморлар масъулияти

Ҳар қандай шаҳар ёки қишлоқнинг қад ростлаши, гўзал ва кўркам манзара касб этиши энг аввало меъморлар меҳнатига боғлиқ. Меъморлар том маънода гўзаллик яратувчи бунёдкорлар ҳисобланади. Ҳар бир даврнинг ўз меъмори бунёдкорлари бўлган. Замонлар ўтиши билан моддий техник ва бадиий эстетик имкониятлар кенгайгани сайин меъморчилик услублари ҳам такомиллашиб, юқори поғоналарга кўтарила борган. Урганчда ҳам улуғ меъморлар самарали меҳнат қилганлар.

Урганчнинг бугунги жамолида, фойдаланишга топширилган кўплаб иншоотлар, саноат корхоналари, турар жой бинолари, мактаблар болалар муассасалари ҳамда шифохоналар қурилишида фидокорлик кўрсатиб ишлаётган кўп сонли қурувчилар ҳиссаси катта, албатта.

Аммо бунда лойиҳачилар ва архитекторларнинг хизматлари ҳам диққатга сазовор. Хоразм вилояти меъморлари бўлиб ишлаган Чумаев Ф. А., Виталий Прокофьевич Скорочкин, Ринат Мақсудович Аҳмедов. (У «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган архитектор» унвонига сазовор бўлган. 24 йил вилоят бош архитектори вазифасида ишлаган.) ва ҳозирги кунда бу лавозимда фаолият кўрсатаётган Шавкат Хусаиновлар ҳам воҳа марказини миллий услублар асосида кўркам, ихчам ҳолда шаклланишига ҳисса қўшганлар.

Урганч шаҳрида 1964 — 1973 йилларда бош архитектор бўлиб ишлаган Суюн Йўлдашев ҳам изланувчан ва фидоий меъморлардан бири эди. У ишлаган даврда шаҳар бош режаси асосида якка тартибда хўжаликларнинг уй-жой қурилиши учун имкониятлар яратиб берилди. Тошкент лойиҳалаш институти билан биргаликда Урганч марказининг бирлашган маъмурий бинолари ҳисобланган кенгашлар уйи бунёд этилди. Инженерлик коммуникациялари қурила бошланди.

1973 йилдан 1988 йилгача Урганч шаҳар бош меъмори вазифасида ишлаш масъулияти ушбу сатрлар муаллифи зиммасида эди. Ўн беш йил бу лавозимда фаолият кўрсатган даврларни эсласам, воҳа маркази кўркига кўрк бўлиб турган кўплаб муҳташам иншоотларни қад ростлашига қўшган ҳиссамни қалбдан ҳис қилиб, ҳам юртларим хизматига камарбаста бўлганлигим билан фахрланаман. Лойиҳалар тайёрлаш, қурилиш ишларини изчил йўлга қўйиш, сифатини кўздан кечириш учун вақт билан ҳисоблашмай ишлашга тўғри келган. Бунинг устига қурилишларни сифатли лойиҳа смета ҳужжатларини маҳаллий шароитнинг ўзида тайёрлаш учун биронта лойиҳалаш ташкилоти тузилмаган. Дуч келинадиган катта-кичик масалаларни ҳал этиш учун кўп вақт ва маблағ сарфлаб пойтахтга бориб келишга тўғри келар эди.

Шаҳар табиати гўзаллигига туташ турар жой бинолари мажмуасини бунёд этиш учун изчил изланишлар олиб борилди. Урганч уйсозлик комбинатининг имкониятлари кенгайтирилди. Қурилиш конвейерларида биргина 146 — серияли эмас, 76 сериялардаги уй блоклари чиқариш йўлга қўйилди. Шаҳар меъморчилигида йирик панелли ғиштдан уйлар тиклаш ғояси амалга оша бошлади. 2, 3, 4, 6 микрорайонлар барпо этилди. Катта магистрал йўллар, темир йўл устидан ўтадиган учта баланд кўприк қурилди. Инженерлик коммуникациялари қурилиши ривож топиб, марказий водовод ётқизилди.

Йирик коммуникация қувурлари қурилиши амалга оширилди. Кўплаб янги насос станциялар ишга туширилди.

Урганч шаҳрининг савдо зонасида «Марказий универмаг», «Болалар дунёси», спорт дўконлари, «Китоблар дунёси» магазинлари қурилди. Янги қурилган кўп қаватли биноларнинг биринчи қаватида аҳоли эҳтиёжини қондириш мақсадида озиқ-овқат ва бошқа рўзғорбоп буюмлар сотиладиган дўконлар ишлай бошлади.

Қатор маъмурий бинолар ҳамда вилоят ҳокимлиги, «Урганчтрансгаз» биноси, «Почта, телефон, телеграф», вилоят суғориш тармоқлари, вилоят касаба уюшмалари бинолари, ҳозирги Тошкент тиббиёт институти филиали жойлашган бинолар шаҳар салобатини оширди. Огаҳий театри, «Хоразм» кинотеатри, «Жайҳун» меҳмонхонаси каби улкан иншоотлар Урганч ҳуснига ҳусн қўшди.

Шаҳарсозлик тугунлари таркиб топди. Урганч шаҳар ҳокимияти биноси ва унинг атрофидаги бинолар, темир йўл вокзали биноси ва унинг атрофидаги бинолар, аэропорт биноси ва унинг атрофидаги бинолар.

Бинолар қурилишида битта катта ғоя — бир бутун яхлит ансамбллар ташкил қилиш бош мақсад қилиб қўйилди. Натижада бир-бирига уйғун ҳолда бунёд этилган биноларда композиция, ритм, пропорция, пластика масалалари тўла ҳал этилганлиги кўзга ташланди.

Кенг миқёсда амалга оширилган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирлари натижасида Аль-Беруний кўчасидан ўтган ёп бетон плиталар билан қопланди, йўлаклар, ариқлар, тартибга келтирилди. Шовот канали бўйларида, шаҳар марказидаги катта кўл атрофларида янги дам олиш зоналари, болалар учун кичик «шаҳарчалар» ташкил этилди.

1988 йилдан 1997 йилгача Комил Матчанов, Матёқуб Полвонов, Алишер Қодиров, Ҳамид Худайбергановлар бош меъмор бўлиб хизмат қилдилар. Ҳозирги кунда Абдулла Байджанов шу вазифада фаолият кўрсатмоқда. Бу меъморлар иштирокида ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Айниқса қадимий Хиванинг 2500 йиллигининг кенг миқёсда нишонланиши бутун Хоразм, хусусан Урганч учун ҳам муҳим воқеа бўлди. «Хива юбилейи Урганчдан бошланади» деган шиор остида 1997 йил бошидан бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари қизғин давом этди. Чунки чиндан ҳам Хива зиёрати, тўйига ташриф буюрадиган меҳмонлар аввало Урганч шаҳрига келишади. Меҳмон келадиган уй, кўча чиннидай озода, ораста бўлиши — халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган азалий одати. Тўйга тўёна ҳозирлаш барча урганчликларнинг ягона орзуси бўлиб қолди. Бунга барча ташкилот муассасалар ўз ҳиссаларини қўшдилар. «Хоразмйўл» ҳиссадорлик жамияти алоҳида ҳиммат кўрсатишди. Йўлсозлар 6—13 маҳалла кўчалари йўллари ва йўлакларини бепул асфальт қилиб беришди. Саноат фуқаро қурилиши механизациялашган колоннаси бунинг учун минг куб метр тош беришди.

Энг муҳим муаммо сув танқислиги эди. Қирғизёпга учта насос ўрнатилиб дарахтлар, экинларни гуркираб ўсишига имкон яратилди. Кўмилиб қолган ариқлардан ҳам сувлар шарқираб оқа бошлади. Кўчатларга, йўлакларга файз кирди. Янги гулзорлар, хиёбонлар ташкил этилди. Катта кичик фавворалар ўрнатилди. Аль-Хоразмий кўчасининг икки ёнидаги йўлаклар таниб бўлмас даражада кўркам қиёфа касб этди. Нақшинкор, ихчам, бежирим плиталар йўлакларга тўшалиб, шаҳарликлар ва меҳмонлар пойи қадамида аввалгиларга ўхшамас ажойиб йўлак пайдо бўлди. Ҳаммасидан ҳам қувончлиси меҳмонлар бутунлай янгидан таъмирланган аэропортда кутиб олинди. Юбилей муносабати билан Ўрта Осиёда узунлиги жиҳатдан ягона «Урганч — Хива» троллейбус тармоғи ишга тушди.

Келажаги порлоқ шаҳар

Шаҳарнинг 350 йиллиги муносабати билан бунёдкорлик ишлари, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш давом эттирилди ва қувонарли ишлар амалга оширилди. Бу борада янада серқирра тадбирлар белгиланди. Чунки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра яна икки улуғ сана Урганчда нишонланади. Миллий қаҳрамонимиз, буюк ватанпарвар Жалолиддин Мангубердининг 800 ва улуғ шоир ва аллома Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийнинг 190 йиллиги шодиёналари воҳа маркази Урганчда байрам қилинади. Демак, бунёдкорлик, яратувчанлик, тенгсиз гўзалликлар кашф этиш яна жадал давом этади. Бу жабҳаларда меъморлар ўз зиммаларидаги масъулиятни сезганлари ҳолда олдинги сафларда борадилар. Муҳташам бинолар, сайлгоҳлар гулзорлар, хийбонлар яратишда ўзларининг бутун ижодкорлик қобилиятларини ишга соладилар.

Урганч яхши кунлар қўша юбилейлар шарофати билан янада улуғворлик, гўзаллик касб этиши шак шубҳасиздир. Бу шаҳри азимда Хоразм воҳаси, бинобарин аҳли ўзбек халқи мардлиги, ватанпарварлиги, яратувчанлигининг тимсоли она Тўмарис ҳайкали ҳам қад ростлайди. Аль-Хоразмий, Аль-Берунийдек буюк боболаримиз шарафига боғлар барпо этилади, уй — музейлари қад ростлайди. Рамзий мақбаралари бунёд этилиб, муқаддас зиёратгоҳга айлантирилади. Усти ёпиқ бозор элдошларимиз, меҳмонлар хизматида бўлади.

Шовот ва Қирғизёп каналлари қайта таъмирланиб, атрофида сўлим оромгоҳлар ташкил қилинади. Амир Темур номли маданият ва истироҳат боғида ҳам қатор қурилишлар, таъмирлаш ишлари амалга ошади. Кўчаларга, хиёбонларга рангли неон чироқлари, катта чиройли реклама кўргазмалар ўрнатилади. Урганч қўша юбилейгача ўзгача тароват, гўзаллик кашф этади.

Урганч асосчиси

Урганч марказида қад ростлаган бу ҳайкалга ҳамшаҳарларимиз ҳам, воҳа марказига ташриф буюрадиган меҳмонлар ҳам ўзгача меҳр, эътибор диққат билан назар ташлайдилар. Собиқ шўролар даврида бу ерда эл-у юртимизга алоқаси бўлмаган бошқа бир миллатига мансуб кишининг ҳайкали узоқ йиллар анча жойни эгаллаб турди. Унинг қилган ишларини ҳеч ким тилга олмади. Хоразм умуман Ўзбекистон ҳақида тасаввурга ҳам эга бўлмаган бу зотнинг ҳайкали, ниҳоят, истиқлолнинг илк йилиёқ кўздан йироқлашди. Ва энг муҳим, унитилмас, қувончли воқеалар шу бўлдики, бу ер кенгайтирилиб, атрофи гулзорга айлантирилиб, салобатли, улуғвор бир ҳайкал бунёд этилди. Бу ўзбек миллатининг жаҳонга танитишда, довруғини оширишда муайян тарихий хизматлар қилган улуғ инсон Абулғозий Баҳодирхоннинг ҳайкалидир.

Ҳайкал муаллифи Шавкат Усманов бу гал ҳам ўз истеъдоди, иқтидорининг янги қирраларини ёрқин намоён эта олган. Абулғозий Баҳодирхон отдан тушганича юртдошларга миннатдор боқиб, гўё ўз юртининг буюк келажагига пойдевор қўйишга ҳозирланаётгандай. Қўлида ўроғлиқ харита. Шубҳасиз бу ўзи асос солган янги Урганч харитаси. Ва унда акс этган истиқбол режаларини тезроқ амалга ошириш учун узоқ сафардан етиб келиб, юртида тўхтаб, отдан соғинч ва ишонч билан тушганича ҳалқига пешвоз чиқиш лаҳзаси бир умрга муҳрланиб қолгандай. Мен бу фикримни, машҳур хайкалтарош элдошим, фикрдошим, биз меъморларнинг энг яқин дўсти Шавкат Усмановга айтганимда у тўлқинланиб шундай деди;

Тўғри англабсиз. Мен Урганч асосчиси Абулғозий Баҳодирхон сиймосини яратиш устида узоқ изландим. Ўн еттидан ошиқ эскизлар тайёрладим. Улардан бирида Абулғозийнинг отнинг устида турган пайти ҳам тасвирланган эди. Лекин мен кўп ўйланиб бу фикримдан воз кечдим. Ўзбекистонда ва бошқа юртларда от устида турган инсонлар сиймоси гавдаланган ҳайкаллар бор. Шулардан нусха бўлиб қолмасин дедим. Сиз айтгандай, юрт эгаси, буюк хон отдан тушиб, элдошлари, ҳалқига пешвоз чиқиб, уларга яхши бир хуш хабар айтишга шошилаётган лаҳзасини яратишга жазм қилдим. Бу бадиий кенгаш аъзоларига ҳам раҳбарларимизга ҳам маъқул тушди. Агар оз бўлсада мен шундай улуғ элдошимиз сиймосини яратишга ҳисса қўшган бўлсам ўзимни беҳад бахтиёр ҳисоблайман.

Мен олим меъмор сифатида бу ҳайкал шаҳримиз кўркига кўрк қўшиб ҳуснига холдай ярашиб турганлигини ҳис қиламан. Ҳар гал ҳайкал ёнидан бефарқ ўта олмайман. Унга синчков нигоҳ ташлайман. Улуғворлик, салобат, юртга меҳр, янги бунёдкорлик ишларига даъват, ҳамма-ҳаммаси ҳайкалда мужассам. Унга боқиб, машҳур элдошимиз ҳақида мушоҳадага бериламан: Абулғозий Баҳодирхон Хоразмнинг мард жасур фарзанди. Моҳир лашкарбоши, зукко олим, теран фикрли тарихчи. У асосий бойлик — ҳалқнинг сиҳат-саломатлиги деб билган. Шу боис шоҳ бўлсада табиблик билан ҳам ном таратган. Ҳалқ табобатига оид тўрт қисмдан иборат «Манофи ул инсон» рисоласини ёзиб қолдирган. Унда шифобахш гиёҳларни экиш, парвариш қилишдан тортиб, улардан турли дори-дармон тайёрлашгача батафсил зикр этилган. Бу асар ҳозирги замон тиббиётида ҳам энг нодир қўлланма ва йўлланмалардан бири сифатида ўқиб ўрганилмоқда, ундаги қимматли фикрлар ҳаётга тадбиқ этилаяпти.

Хоразм тарихчилик мактабига асос солган ҳукмдорлардан бири ҳам Абулғозий Баҳодирхондир. У 1661 йилда «Шажараий тарокима», орадан уч йил ўтгач, яъни 1664 йилда ёзган «Шажараий турк» асрларида ўзбек, қозоқ, қорақалпоқ, туркман ва бошқа туркий ҳалқлар тарихини чуқур тадқиқ этди.

«Шажараий тарокима» да туркларни афсонавий ҳукмдори ҳисобланган Ўғизхон, унинг авлод-аждоди, туркман уруғларининг келиб чиқиши ихчам ва ёрқин ёритилган. «Шажараий турк» асарида эса Одам атодан то ўз замонасигача бўлган тарихий воқеалар, айниқса Чингизхон, ундан кейинги давр тарихи ҳар томонлама изчил қаламга олинган.

Ҳукмдор тарихчи томонидан битилган асарлар ҳаяжон билан ўқилади. Китобхоннинг кўз ўнгида ўтмиш лаҳзалари жонланади. Ота-боболаримизнинг нимага қодир эканлиги ёққол намоён бўлади. Тарихий шахслар ҳақида фикр юритар экан, китобхонни зериктирмаслик, аксинча уни асарга янада яқинлаштириш учун бадиий воситалардан кенгроқ фойдаланилади. Мен ҳам бу китобларни қайта-қайта мутолаа қилганман.

Абулғозий Баҳодирхон асарлари Шарқ, рус ва Ғарбий Европа тарихчи олимларини ҳам диққат эътиборини тортган. Бу асарлар бошқа тилларга қунт билан таржима қилинган. 1993 йилда хизмат юзасидан Германия сафарида бўлганимда Манхайм шаҳридаги кутубхонада Абулғозий Баҳодирхоннинг немис ва инглиз тилларига ўгирилган ўша машҳур икки асарини кўрганимда фахрга, қувончга тўлганман.

Бесплатный фрагмент закончился.

Купите книгу, чтобы продолжить чтение.